Тўлиқ версия

Янгиликлар ва пресс-релизлар

ХОТИРА УЙҒОҚ, ҚАДР МУҚАДДАС!



2019 йил, 9 май. Шу куни эрта тонгдан пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Буюк ипак йўли кўчасининг энг гавжум бўладиган гўшаларидан бири - “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖ томон одамлар тўлқини оқиб кела бошлади. Уларнинг орасида юз ёшнинг нари берисини уриб қўйган ва эндигина катта ҳаётга кириб келаётган инсонлар бор эди. Қўлларида гуллар, гулдасталар тутган бу инсонларнинг аксариятини завод фахрийлари, иккинчи ва учинчи авлод вакиллари ташкил қилади.







Бу юртдошларимиз 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган буюк ғалабанинг 74 йиллигини нишонлаш учун қадрдон корхоналарига тўпландилар. Байрамона безатилган саҳнага асосий таркибини корхона фахрийлари ташкил қилувчи “Катюша” ансамбли вакиллари кўтарилди ва улар гулдирос қарсаклар билан кутиб олинди. “Катюша” ансамбли томонидан Ватанга муҳаббат, мардлик, вафо, айрилиқ, севги-муҳаббат ришталари сингдирилган, оловли уруш йилларида яратилган куй-қўшиқлар янгради. Машҳур “Катюша” қўшиғи ижросига каттаю-кичик қўшилиб кетди. Тумандаги 210-мактаб ўқувчисининг “Бобомни эслаб” қўшиғи, “Трактор” спорт клуби вакилларининг моҳирона чапдаст чиқишлари байрам иштирокчиларида катта таассурот уйғотди.

Завод  ҳудудидаги Хотира манументи. Мангу олов  ёниб турибди. Манумент лавҳасида ўтган асрнинг 40 йилларида меҳнат қилган, сўнг  урушга отланган ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган инсонлар номи зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилган. Улар пойига гулдасталар қўйиб, ҳурмат-бажо келтиришни уруш ва меҳнат фахрийлари бошлаб беришди. “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ жамоаси, унинг таркибидаги бир қатор корхоналар, жамоатчилик вакиллари, ўқувчи-ёшлар навбати билан ўзларининг чин инсоний бурчларини адо этдилар.










Байрам тантаналарининг яна бир эсда қоларлик жиҳатига тўхталиб ўтсак. Яъни, завод ҳудудида жойлашган “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникалари кўргазма-павильони ҳам одамлар билан янада гавжумлашди. Эътиборлиси, кимдир набирасини, кимдир фарзандини етаклаганча павильонни анча вақт айланди. Шак-шубҳа йўқ-ки, томоша асносида кечган суҳбатлар мавзуси завод тарихи, бугунги ишлаб чиқариш жараёнлари ва эртаси ҳақида кечган. Энг муҳими эса, ёш авлод қалбида ота касбига меҳр-муҳаббат уйғотиш, шу орқали бутун бир машинасозлар сулоласини яратиш кўзда тутилган бўлса не ажаб! Бундай орзу-ниятга эришганлар корхонада ўнлаб учрашининг ўзиёқ “Мурод-мақсадга айланади” иборасининг пайдо бўлишига асос солган десак хато қилмаган бўламиз. Гарчи асосий байрам тантаналари ниҳоясига етган бўлса-да, у ёки бу сабаб билан эрталабки Хотира ва қадрлаш, фашизмга қарши курашларда ҳалок бўлган марҳум фидойи жангчиларга ҳурмат, эҳтиром кўрсатиш маросимида иштирок эта олмаган айрим юртдошларимиз яккам-дуккам бўлиб, ўзларининг одамийлик фазилатларини адо этиш учун қўлларида гул, қалбларида уйғоқ хотира билан ташриф буюришмоқда.

Саид ОЛИМОВ.




Back to the list